Shrift o‘lchami

Ko‘rinish

O'ZBEKISTON DAVLAT JISMONIY TARBIYA VA SPORT UNIVERSITETI NUKUS FILIALI
O'ZBEKISTON DAVLAT
JISMONIY TARBIYA VA SPORT
UNIVERSITETI NUKUS FILIALI

ТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИ ҲАМИША ДОЛЗАРБ: ТАЪЛИМ ОЛИШ ҲАММА УЧУН ОЧИҚ

Одамзод бу ёруғ дунёга манфаат аталмиш минглаб ришталар би­лан боғланган, шу манфаатлар замирида ҳаракат килади, фаолият юритади. Шахс манфаати, жамоа манфаати, мамлакат ҳамда жамият манфаати ҳамиша бир-бирини тўлдириб, бир-бирига таъсир этиб тура­ди. Инсон жамият ичида яшар экан, шахсий манфатларини атрофдаги одамлар, халк ва мамлакат манфаатлари билан уйгунлаштириб бориш керак. Шу жараёнда у камолга етади, шахс сифатида шаклланади.

Жамиятнинг равнаки, мамлакатнинг тараққиёти фуқаронинг тараққиё­ти фуқаронинг моддий ва маънавий манфаатлари қай даражада ривож­лангани ва қай даражада қондирилаётгани билан белгиланади.

Ўз қудрати ва салохиятини юксалтиришни кўзлаган ҳар бир мам­лакат фукароларнинг моддий хамда маънавий манфаатларини қондириш борасидаги фаолият ва ҳаракатларига кенг имкониятлар яратади, эр­кинликлар беради, уларни рағбатлантиради.

“Таълим тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши мазкур тизимда янги имкониятлар эшигини очди. 1997 йилда қабул қилинган қонунда назарда тутилмаган таълим олиш шакллари жорий этилмоқда, яъни таълим олиш шаклларининг таснифи кенгайтирилди:

  • ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий);
  • назарий – таълим ташкилоти негизида, амалий – таълим олувчининг иш жойида бирга олиб бориладиган дуал таълим;
  • оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш;
  • катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш;
  • жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шхслар) учун инклюзив таълим;
  • экстернат тартибидаги таълим – ўқув дастурларини мустақил равишда ўзлаштиришни ўз ичига олиб, унинг якунлари бўйича таълим олувчилардан давлат таълим муассасаларида якуний ва давлат аттестацияларидан ўтиш;
  • мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун инклюзив таълим жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 13 октябрьдаги «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4860-сон қарори қабул қилинди. Шу билан бирга, 2020-2025 йилларга халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш  концепцияси, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари  тўғрисида ҳам ҳужжатлар тасдиқланиб, уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тузилди.

Инклюзив таълим нима дегани? Бу умумий таълимни ўзгартириш жараёни бўлиб, барча болалар ундан фойдаланиши, уни болаларнинг турли эҳтиёжларига мослаштириш мумкинлигини кўзда тутиб, мазкур масала алоҳида эҳтиёжманд болаларга билим олиш имконини беради.  Инклюзив таълим болалар учун мўлжалланган ва барча болалар таълим олишда турли эҳтиёжларга эга шахслар эканини эътироф этадиган методологияни ривожлантиришга ёрдам беради.

Миллий қонунчилигимиз имконияти чекланган инсонларга ҳам ўз салоҳиятини юзага чиқаришда тенг ҳуқуқ беради. Конституциямизда таълим олиш ҳуқуқи барча учун кафолатланган. Мамлакатимизда жисмоний имкониятлари чеклангани сабабли умумтаълим мактабларига бормаётган болалар ҳам бор.

Европа Иттифоқи томонидан молияланадиган “Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим” лойиҳаси мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантиришга қўшимча турки берди. Лойиҳанинг асосий мақсади 2-10 ёшгача бўлган алоҳида эҳтиёжли болалар учун таълим сифатини ошириш ва уларнинг умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларига мослашишига кўмаклашишдан иборат.

Европа мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу ёш тоифаси болаларни умумтаълим мактабларига жалб қилиш учун қулай ҳисобланади. Яъни, болани кейинчалик у ёки бу таълим муассасига ўтказишдан кўра, уни таълим тизимига энди кириб бораётганда ихтисослаштирилган эмас, балки оддий мактаб ёки боғчага жалб қилиш муҳимдир. Аммо, шуни қайд этиш жоизки, ҳар бир ҳолатни “бола манфаатларини инобатга олиш” тамойилига амал қилган ҳолда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш зарур. Яъни, ҳаммаси боланинг ўзига боғлиқ. Негаки, саломатлиги билан боғлиқ жиддий камчиликлари бор айрим болалар учун ихтисослаштирилган  мактаб энг яхши қарор ҳисобланади. Лойҳамиз айнан ушбу ёш тоифасига қаратилгани ушбу масала кейинчалик болаларнинг ёши каттарган сайин ўз аҳамиятини йўқотади, деган эмас. Ресурсларимиз чеклангани боис асосий эътиборни айнан шу ёш тоифасига қаратмоқдамиз.

Инклюзив таълимнинг асосий тамойилларидан бири шундан иборатки, бу таълим бир томонлама бўлмаслиги керак ва жамият инклюзив таълимни йўлга қўйиш учун шарт-шароитлар яратиши лозимлигини кўзда тутиши зарур. Европа давлатларида Ўзбекистонда бўлгани каби кўпинча оддий болаларнинг ота-оналари фарзандлари алоҳида эҳтиёжли болалар билан бирга ўқишидан хавотирга тушади. Шу сабабли бундай болаларнинг ота-оналари билан ҳам ишлаш лозим. Таъкидлаш жоизки, алоҳида эҳтиёжли болалар ота-оналарига уларнинг фарзандлари ҳам жамиятнинг бир бўлаги бўлиш ҳуқуқига эга эканини етказиш, буни уларнинг онгига сингдириш таълимнинг асосий мақсадларидан биридир. Зеро, имконияти чекланган инсонлар ҳам катта ютуқларга эришаётгани ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бунинг учун уларга ўз салоҳиятини юзага чиқариш, ота-оналарга эса танлаш имкониятини бериш зарур. Бу борада маърифий тадбирлар, семинарлар, кенг жамоатчилик иштирокида учрашувлар ўтказилаётгани самарасида аксарият ота-оналар бугун фарзандлари оддий умумтаълим мактабида ўқишига рози.  

Амалиётдан биламизки, муайян таълим эҳтиёжларига эга бола ўз тенгқурлари орасида ўқиса, бу кўпроқ самара беради. Биринчидан, боланинг ривожланишида, иккинчидан, жамиятни, бундай болалар атрофидаги болаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Негаки, алоҳида эҳтиёжли болалар билан бирга ўқийдиган ўғил-қизларда уларга ёрдам бериш, ачиниш, жавобгарлик туйғуси шаклланади, кўпинча яхши шароитларда ўсиб-улғаяётган болаларга хос худбинлик кайфияти йўқолади. Бунинг самарасида болалар биргаликда ишлаш, бир-бирини қўллаб-қувватлашни ўрганади. Бир муҳитда тарбияланадиган болалар ўзларидаги фарқни сезмайди, балки буни фақат ота-оналар сезади, холос. Шу боис бундай мулоқот алоҳида эҳтиёжли ва бошқа болалар, ўқитувчилар, жамият, маҳалла, оилаларга ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, уларнинг барчасида алоҳида эҳтиёжли инсонларга нисбатан ижобий муносабат ривожланади. Умуман олганда, раҳм-шафқат, мурувват каби хислатлар халқимизга азалдан хос бўлиб, буни болаларга ҳам ёшлигидан сингдириш лозим. Бу борада инклюзив таълим алоҳида ўрин тутади. Биз таълим олишнинг шаклларидан бири бўлган инклюзив таълим ва унинг афзалликлари ҳақида фикр юритдик, лекни таълим олишнинг янги “Таълим тўҳрисида”ги қонунда назарда тутилган шакллари ҳам фуқароларимизнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратаётганлиги кишини қувонтиради. Президентимиз томонидан “Аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан мамлакат рақобатдошлигининг асосий кўрсаткичига айланган бугунги шароитда тараққиётнинг муҳим омили сифатида таълимнинг роли ортиб бормоқда» деган ибораларининг исботи анан таълим масаласига қаратилган жиддий эътибордан дарак бериб турибди.

А.Елмуратова,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети

Нукус филиали доценти, Психология фанлари

 бўйича фалсафа доктори (PhD)