Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

“Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти (ПҚ–4851-сон, 06.10.2020 й.)

  1. I. Қарорнинг мақсади

Ахборот технологияларининг ўқитилишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, меҳнат бозорининг малакали IT-мутахассисларга бўлган талабини қониқтириш.

  1. Қарорнинг моҳияти

Қарорга мувофиқ, республика туман (шаҳар)ларида мавжуд умумтаълим мактаблари негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.

Шунга кўра, жорий йилда мазкур йўналишда 14 та таянч мактаб, 2021-2023 йилларда эса республика бўйича жами 205 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши белгиланган.

2020/2021 ўқув йилдан:

мактабларда “Информатика ва ахборот технологиялари” фани “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига оид ўқув дастурлари билан интеграция қилинади;

мазкур лойиҳа доирасида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган мактабларнинг 100 нафар энг яхши “Информатика ва ахборот технологиялари” фани ўқитувчиларини ҳар йили БҲМнинг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофотлаш тизими жорий қилинади.

2021 йил 1 мартга қадар ушбу фан ўқитувчиларини сертификатлаш миллий тизими жорий қилинади.

2021 йил 1 сентябрдан рақамли кўникмаларни эгаллаш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган ихтисослаштирилган мактабларнинг ушбу фан ўқитувчиларига БҲМнинг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

2021/2022 ўқув йилидан Тошкент вилоятида Тошкент ахборот технологиялари университети филиали ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ, ОТМнинг тегишли таълим йўналишлари талабалари ўртасида информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳаларида ўтказиладиган республика ва нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари бўлган талабалар ОТМнинг тегишли магистратураси йўналишларига ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.

2021/2022 ўқув йилидан ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаётган барча ОТМ мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари ўртасида “Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) ўз олимпиадаси ўтказади.

Танловда 1-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар биринчи ўқув йили учун тўлов ОТМнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ҳолда имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.

2021 йилдан “Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчилар бир ойлик маош миқдорида бир марталик мукофотланади.

ОТМнинг информатика ва ахборот технологиялари билан боғлиқ таълим йўналишлари бўйича имтиёзли дипломга эга битирувчилари мазкур ОТМнинг магистратурасига кириш имтиҳонларисиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Мактабларнинг “Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича ўрта-махсус маълумотли ва камида 1 йил педагогик иш стажига эга ўқитувчилари ТАТУга педагогика йўналиши бўйича масофавий ўқитиш шаклида тўлов-контракт асосида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январга қадар “Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари” портали ишга туширилади.

Порталда, жумладан, дастурлаш соҳасида ўтказиладиган олимпиадалар, танловлар ва акциялар тўғрисида маълумотлар жойлаштириб борилади.