Зайнаб Дайибекова Грузиядаги халқаро мусобақада шоҳсупага кўтарилди

Грузияда бўлиб турган қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ўқув-машғулот йиғинидан сўнг халқаро мусобақада иштирокини бошлади. Бугун мусобақанинг яккалик йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди.

Қувонарлиси, унда иштирок этган ҳамюртимиз Зайнаб Дайибекова шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди. Қайд этиш жоиз, мусобақада Туркия, Қозоғистон, Грузия, Украина, Беларусь каби терма жамоалар асосий таркиб вакиллари билан иштирок этишди.

Ярим финалда юртдошимиз Рио-2016 Олимпиадасининг кумуш медаль соҳибаси украиналик Елена Кравацкая билан рўбарў келди. Кескин ва муросасиз кечган жанг украин спортчисининг 15:14 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бугун стартга чиққан бошқа спортчиларимиз эса медаллар учун курашни эрта тарк этишди. Аёллар баҳсида ғолиб ва совриндорлар рўйхати:

1. Алина Комашук (Украина)
2. Елена Кравацкая (Украина)
3. Зайнаб Дайибекова (Ўзбекистон)
3. Айгерим Сарибай (Қозоғистон)

Эртага эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий йўналишда ғолиблар аниқлаб олинади. Жамоамиз шундан сўнг 18 февраль куни Тошкентга қайтиб келади.