Logo
O`zbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti Nukus filiali

Вазир Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давом этмоқда.

Бугун, 24 май куни куннинг иккинчи ярмида вазир Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган барча олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда А.Тошқулов Қорақалпоғистонда олий таълим муассасалари фаолияти самарали олиб борилаётгани, кўпгина йўналишларда яхши натижаларга эришилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди ва ректорлар, филиаллар директорларига бундан да юқори марраларни забт этишига ишонч билдирди.

Самимий, очиқ турда ўтган мулоқот давомида олий таълим тизимида амалга ошириладиган ислоҳотлар, айниқса, тизимда коррупция ҳаракатларини бўлдирмаслик ва олдини олишга йўналтирилган ишлар, шунингдек, республикада фаолият юритаётган филиалларни босқичма-босқич алоҳида олий таълим муассасаларига айлантириш масалалари тўғрисида фикр алмашилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Қорақалпоғистондаги олий таълим муассалари раҳбарларининг кенгашини ташкил этишни таклиф қилиб, уларнинг ўз вазифаларини чин кўнгилдан ижро этишига ишонч билдирди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов иштирок этди.

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

Муаллиф олган расмлар.