TAЛAБAЛAРГA ТЎЛОВ – КОНТРАКТ АСОСИДА ЎҚИШ УЧУН ТАЪЛИМ КРЕДИТЛАРИНИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ
Ҳукумат қарори (527-сон, 18.08.2021 й.) билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
– Низомга кўра, таълим кредитлари олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат ва магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади.
– Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин.
– Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
– Таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
– ариза;
-тўлов-контракт шартномаси ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартномада ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;
-таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
-“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари учун);
биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот.
– Ҳужжатлар 5 иш кунида кўриб чиқилади.
-Таълим кредити шартномаси тўлов-контракт шартномасида кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги суммага тузилади.
-Таълим кредити кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади.
-Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.
– Мазкур тартиб:
– чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга;
-тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларидан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан бериладиган таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди.
-Табақалаштирилган тўлов-контрактни ва унинг минимал миқдорига тенг бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилмайди.
Манба: Edu.uz.