Logo
O`zbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti Nukus filiali

Менинг ҳам устозим бор, устозимнинг ҳам устози бўлган

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган халқимизнинг минг-минглаб фарзандларининг камолоти йўлида ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси беқиёс. Буни халқимиз яхши билади ва улуғ хизматларимизни юксак қадрлайди.

Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони билан устоз, ўқитувчи ва мураббийларни давлат мукофотлари, орден ва медаль билан тақдирланиши бунинг ёрқин далилидир.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида талаба ёшларга таълим-тарбия ва спорт соҳасининг ўзига хос сирларини ўргатиб келаётган, ўз касбига меҳр қўйиб, меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчилар раҳбарият томонидан пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Талабаларимиз филиалда билим эгаллаш билан бирга спорт соҳасида қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Уларнинг халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришишида ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнатлари беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Филиалда бугунги кунда Токио-2020 ёзги олимпиада ўйинлари қатнашчилари, халқаро тоифадаги спорт усталари, Ўзбекистон Республикаси спорт усталари, Осиё, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон чемпионлари, умидли ёшлар таҳсил олмоқда.

Филиалимизда меҳнат қилаётган ҳурмат-эҳтиромга эга касб эгалари байрам муносабати билан дастурхон атрофида чин дилдан суҳбатлашди ва санъаткорларнинг куй-қўшиқларидан баҳра олди.

Халқимизда “Устоз – отангдек улуғ”, деган ҳикмат бор. Ота-она фарзандни вояга етказади, устоз эса униб-ўсиши, камолотга эришиши, илм-маърифат чўққиларини забт этишига кўмаклашади. Ўз умри, қалб қўри, ақл-идроки, тажрибаси ва билимини сарф этади. Мен ҳам неча йиллар шу соҳада меҳнат қилаётган устоз бўлсам, менинг ҳам устозим бор, устозимнинг ҳам устози бўлган. Халқимиз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилат тимсоли бўлган азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларни изҳор этса арзийди.

 

Байрам Мамбетов,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети  

Нукус филиали директори.

ЎзА