Logo
O`zbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti Nukus filiali

Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Олий таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагидаги ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар тақдим этиш, тўлов-контракт асосида ўқиётган ҳар бир талабага билим олиш учун қулай шароитлар яратиш, ёшларнинг илм-фанга бўлган интилишларини янада рағбатлантириш ва ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилсин.

Белгилансинки:

тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган ресурслар ҳисобидан таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади;

таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;

таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

2. Таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

Жамғармага Давлат бюджетидан 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилсин.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Жамғарма томонидан аввал ажратилган ресурсларнинг қайтишидан тушадиган маблағлар ва улардан олинадиган фоиз тўловлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобига фоизли тушумлар;

Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, ҳомийлик, грант маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда Молия вазирлигида алоҳида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварағи шаклида ташкил этилади;

Жамғарма фаолияти Молия вазирлиги марказий аппаратига ажратиладиган 3 та штат бирлигидан иборат бўлинма томонидан амалга оширилади;

Жамғарма маблағлари ҳисобига тижорат банкларининг сўровларига асосан уларга Марказий банкнинг асосий ставкасида таълим кредити ажратиш учун мазкур ставкадан 4 фоиз бандга паст бўлган ставкада ресурслар ажратилади;

Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, ресурс маблағлари ва таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

4. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

таълим кредитлари бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини Молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тақсимлаш ҳамда Жамғармадан ажратилган маблағларнинг бир қисмини тижорат банклари томонидан гаров депозити сифатида қабул қилиш;

республикадаги давлат олий таълим муассасалари, хусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари талабаларига контракт тўловлари учун кредит ажратиш;

Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонларини ўрнатиш.

5. Молия вазирлиги Жамғармага 2021 йилда маблағларнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари
ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилишини, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 30 июль,