ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИНИНГ ИЛК ТАРКИБИ ҚОЗОНГА ЙЎЛ ОЛМОҚДА

Бугун МДҲ ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон спорт делегациясининг мутахассислар, шунингдек, бокс, эркин ва юнон-рум кураши вакилларидан иборат 70 нафарга яқин илк таркиби жорий йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида спортнинг 17 та тури бўйича ўтказиладиган 1-МДҲ ўйинларида иштирок этиш учун жўнаб кетади.

2018 йили МДҲ давлат раҳбарлари йиғилишида тасдиқланган Низомга асосан Арманистон, Беларусь, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон давлатларининг1500 нафарга яқин 14-23 ёшли спортчилари “кичик олимпада” баҳсларида 182 та медаллар жамланмаси учун баҳслашади. Ўйинларни муваффақиятли ўтказишда, шунингдек, 400 нафар атрофида ҳакам, 1000 нафардан зиёд волонтёр ва 100 нафарга яқин бошқа спорт соҳаси мутахассислари қатнашади.

Ўзбекистон спорт делегациясининг 65 нафарга яқин спортчи, мураббий ва бошқа мутахассислардан иборат 2-таркиби 3 сентябрь куни Татаристонга жўнаб кетса, 100 нафардан зиёд 3-таркиб 6-7 сентябрь кунлари Қозон шаҳрига йўл олади.

 Тўлқин Рўзиев, ЎзА.